Одам савдосида гумон қилиниб Новосибирскда қўлга олинган шахс Ўзбекистонга экстрадиция қилинмоқда

Новосибирск аэропортида Ўзбекистон сўрови билан халқаро қидирувда бўлган 32 ёшли шахс қўлга олинди.

27 июнда Новосибирск аэропортида Ўзбекистон сўрови билан қўлга олинган 32 ёшли фуқарони экстрадиция қилиш масаласи кўрилмоқда. Бу ҳақда Озодликка 10 июль куни маълумот берган Новосибирск транспорт полициясига кўра, жиноий гуруҳ тузиб, одам савдоси билан шуғулланганликда гумон қилинаётган бу фуқаро халқаро қидирувда бўлган.

Озодлик полициядан олган маълумотларга кўра, Ўзбекистондан юборилган сўровномада қўлга олинган шахс жиноий гуруҳ таркибида одам ўғирлаш, зўравонлик қилиш ва куч ишлатишда айбланмоқда.

Айтилишича, жиноий гуруҳ бир шахсни мажбурлаб, Ўзбекистон ташқарисига олиб чиққан, у ерда ушлаб турган ва ҳужжатларини йўқ қилиб юборган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Сибирь федерал округи бўйича бошқармаси Ахборот бўлими бошлиғи Анна Шчербакова Озодлик сўровига жавобан, исми ошкор этилмаётган фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан одам савдосида айбланаётганини тасдиқлаб, деди:

- Линия бўлими ходимлари Толмачёво аэропортида Ўзбекистон Ички ишлар органларига давлатлараро қидирувда бўлган шахсни топиш ва қўлга олишда кўмаклашди. Ҳозир бизга маълумки, Тошкент шаҳрида бу одамга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135- (“Одам савдоси”) моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи муқаддам тергов органларидан қочишга эришган ва қидирувга берилган. Транспорт полицияси ходимлари унинг Россияда экани борасида оператив маълумот олиб, ҳибсга олди.

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консуллиги қўлга олинган фуқаро халқаро қидирувда бўлганини, у одам савдосида айбланаётганини тасдиқлади.

Россиядаги бир қатор нашрлар Толмачёво аэропортида қўлга олинган шахснинг Ўзбекистон фуқароси эканлиги тўғрисида хабар қилди.

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консули Юсуф Қобулжонов қўлга олинган шахснинг Ўзбекистон фуқароси эмаслигини, у Марказий Осиё давлатлари биридан Россияга келганини хабар қилди.

Полиция бошқармаси расмий вакили Анна Шчербакова ҳам бу шахснинг ўзбекистонлик экани борасида оммавий ахборот воситаларида тарқаган хабарларни инкор этди:

- Кўплаб ОАВ у ўзбекистонлик эканини ёзиб чиқди. Аммо аслида у Марказий Осиё давлатларидан бири граждани, Ўзбекистонда у қидирувда, холос. У 27 июнь куни қўлга олинган эди, бир кун ўтиб суд орқали ҳибс этилди.

Полиция расмийси айбланувчи шахс Якутск шаҳрига кетаётган рейсдан тушиб қолдирилганини ҳам айтди.

Новосибирск шаҳар Железнодорожний туман суди 28 июнь кунги қарори билан айбланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида қарор чиқарган.