Ўзбекистон қурилажак атом электр станцияси энергоблоклари сонини яна иккитага кўпайтирди. АЭС жами тўртта энергоблокдан иборат бўлади. Бу ҳақда энергетика вазири Алишер Султонов Kun.uz’га берган интервьюсида маълум қилди.
Вазирга кўра, АЭС ҳар бири 1 200 МВт қувватга эга «3+» авлодидаги 1200-сув энергетик реакторли энергоблокдан иборат бўлади. Биринчи энергоблок 2028 йилгача, иккинчиси 2030 йилгача ишга туширилади.
“Кейинги иккита блокка камроқ вақт кетади ҳамда нисбатан озроқ харажатларни талаб қилади. Сабаби, инфратузилма йўлга қўйилиб, механизм ишга тушган бўлади”,- деб айтган вазир.
“Росатом” билан ҳамкорликда қуриладиган АЭС учун Жиззах вилоятининг Тузкон кўли яқинидаги ҳудуд танлаб олингани хабар қилинган эди. Айни пайтда бу ерда муҳандислик-қидирув ишларининг иккинчи босқичи бошланди.
2018 йилнинг 19 октябрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босган эдилар.
Ўзбекистон ҳукуматининг Россия билан АЭС қуриш режаси жамоатчилик орасида жиддий эътирозлар уйғотмоқда.