Абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 24 соатлик режимга ўтди

Қарши давлат универcитетидаги навбатлар.

Олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш учун берилган муддат ниҳоясига яқинлашган айни кунларда бутун мамлакат бўйлаб қабул комиссияларида узундан-узун навбатлар пайдо бўлди. Озодлик LiveBlog – жонли блог шаклида ëритиб бораëтган бу вазиятга муносабат билдирган Давлат хизматлари агентлиги ОТМларга ҳужжатни 24 соат давомида топшириш мумкинлигини эълон қилди. Мурожаат этувчиларнинг юқори оқими туфайли Давлат хизматлари марказларининг 24 соатлик иш режимига ўтказилгани баробарида махсус хизмат ускуналар билан жиҳозланган Давлат хизматлари агентлиги автобусларининг ҳам абитуриентлар кўп жойларга қўшимча ёрдам сифатида жўнатилаëтгани билдирилди.

Агентлик расмий хабарига кўра¸ “Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази ходимлари бундай мобил хизматларни Самарқанд давлат университети ҳудудида кўрсатмоқда”.

Президентнинг жорий йил 14 май кунги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, абитуриентлардан олийгоҳларнинг бакалавриатига ўқишга кириш учун ҳужжатлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

Абитуриентлар бундан буён бакалавриат йўналиши бўйича бирданига учта олийгоҳда ўтказиладиган танловда иштирок этиши мумкин.

Озодлик гаплашган Давлат тест маркази расмийси иддаосича¸ абитуриентларнинг янги ўзгаришларни яхши тушунмаëтгани бу йилги қабул жараëнида узундан-узун навбатлар пайдо бўлишига олиб келмоқда.