Самарқанддаги 11-болалар боғчаси тарбияланувчиларидан бирининг бармоғи тарбиячиларнинг эътиборсизлиги сабабли узилиб тушди.
“Дарё” нашрининг 11 июлда хабар беришича, воқеа 28 март куни юз берган. Бироқ бу ҳақда боланинг бувиси шикоят қилгани ортидан эндигина маълум бўлди.
2013 йилда туғилган Санжар Ҳасановнинг ўнг қўлидаги бармоғи узилиб тушиши ҳолатини прокуратура бахтсиз ҳодиса деб баҳолаган.
“Санжар Ҳасановнинг бувиси Азиза Маъмурованинг маълум қилишича, набирасининг бармоғи узилиб тушганидан сўнг тарбиячи уни қўрқитиб ухлатиб қўйган. Шу тариқа салкам 5 соат давомида болага тиббий ёрдам кўрсатилмаган”, деб ёзди нашр.
Хабарда воқеанинг бошқа тафсилотлари берилмаган. “Дарё” нашри бу воқеа юзасидан журналистик суриштирув олиб борилаётганини маълум қилди.