Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Мудофаа кенгашининг собиқ котиби ҳамда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Бусурманқул Табалдиевга қидирув эълон қилди.
Вазирлик матбуот хизматидан маълум қилинишича, шу кунда криминал авторитет Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний озод қилиш (“Коррупция” моддаси) бўйича судгача суриштирув ишлари олиб борилмоқда. “Мазкур иш доирасида қаерда экани маълум бўлмагани учун Қирғизистон Мудофаа кенгашининг собиқ котиби Табалдиев Бусурманқул Берқутовичга қидирув эълон қилинди”, дейилади хабарномада.
Батукаев 2013 йили қамоқдан озод этилган пайтда Бусурманқул Табалдиев Мудофаа кенгаши (ҳозирги Хавфсизлик кенгаши) котиби лавозимини эгаллаб турганди. Аввалроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари Табалдиевнинг қаерда эканини аниқлай олмаётганлари, шу важдан сўроққа чақиролмаётганлари ҳақида хабарлар тарқаганди. Ўша пайтда ИИВ бу маълумотни тасдиқлаган эмас.
Жорий йилда Қирғизистон Бош прокуратураси Азиз Батукаевнинг қамоқдан қонунга хилоф равишда озод қилинганига оид жиноят ишини қайта очган, иш доирасида беш медик, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сағинбаева, Норин вилоят прокурори ўринбосари Майрамбек Акматалиев, бош вазирнинг собиқ ўринбосари Шамиль Атаханов ҳамда собиқ бош прокурор Аида Салянова қўлга олинган. Уларнинг айримлари кейинчалик уй қамоғига ўтказилган.
Яқинда дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилган собиқ президент Алмазбек Атамбаевга қўйилган айбловлардан бири криминал авторитет Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний озод этилиши бўлганди.
Бусурманқул Табалдиев турли йилларда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари (2006, 2013-2015 йй.), Мудофаа кенгаши котиби (2011-2013 йй.), Қирғизистон президенти аппаратининг Мудофаа ва хавфсизлик бўлими мудири (2005, 2010-2011 йй.) ҳамда бош прокурор в.б. (2005 й.) вазифаларида ишлаган.