Олийгоҳларга ҳужжат қабул қилиш 15 июль куни тўхтатилади. Қабул кунлари узайтирилиши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлганди. Бироқ ҳозирча қабул узайтирилиши ҳақида расман ҳеч қандай хабар берилмади. Демак, бугун қабулнинг охирги куни. Ҳукумат қарори билан Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган. Ҳужжатга кўра, Давлат хизматлари марказлари томонидан ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача абитуриентларнинг доимий рўйхатда турган жойидан қатъи назар қабул қилинади.
Жойлардан олинган маълумотларга кўра, ҳануз олийгоҳлар олдида турнақатор навбатлар кузатилмоқда.
Xushnudbek.uz қабул жараёнига оид абитуриентларга эслатмаларни эълон қилди:
- Қабул 15 июлгача (ўша куни ҳам), узайтирилгани йўқ, миш-мишларга ишонманг. Агар узайтирилса, албатта расмий хабар берилади;
- Қабул комиссиялари охирги абитуриент қолгунча (соат нечигача бўлса ҳам) фаолият олиб боради, ҳеч ким қолиб кетмайди;
- Сиртқи учун қабул - 15 июлгача (ўша куни ҳам). 30 июль деб адашманг;
Президентнинг жорий йил 14 май кунги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, абитуриентлардан олийгоҳларнинг бакалавриатига ўқишга кириш учун ҳужжатлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.
Абитуриентлар бундан буён бакалавриат йўналиши бўйича бирданига учта олийгоҳда ўтказиладиган танловда иштирок этиши мумкин.