Ўзбекистоннинг Рига шаҳридаги (Латвия) Элчихонаси таълим муассасасини тугатганлик тўрисидаги ҳужжатларнинг қалбакилиги гумон қилинган Ўзбекистон фуқароларининг Финляндиядан депортация қилинганлиги тўғрисида қатор ОАВларда тарқалган хабарларни тасдиқлади.
Бу ҳақда хабар қилган Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, айни пайтда Элчихона вазиятни назоратга олган ҳамда батафсил маълумот олиш учун Финляндиянинг расмий вакиллари билан алоқа ўрнатган.
11 июль куни Финляндия Migri иммиграция хизматиЎзбекистондан келиб Финляндияда ишлаётган жами 139 ишчига депортация тўғрисида ҳужжат тақдим этгани тўғрисида Озодлик 12 июлда хабар қилган эди.
Ўзбекистонликлар Финляндияда сохта дипломлар билан ишлаганликда айбланмоқда. Дипломлар 1997 йилдан 2016 йилгача бўлган давр ичида берилган. Аксарият сертификатларда бир хил рўйхат рақами ёзилган.
Ўзбекистонлик ишчиларни депортация қилиш тўғрисидаги қарор қиш ойларида, иш берувчилардан бири сохта ҳужжатлар ҳақида ҳукуматга маълум қилганидан кейин қабул қилинган.
Маълум қилинишича, бугунгача Финляндиянинг бир нечта саноат марказлари қурилиш ишларига 800 га яқин ўзбек ватандоши жалб қилинган.