Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг иши қонунчиликка киритилган ўзгаришлар туфайли Чуй вилоят судида қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда KaktusMedia нашри “Бир Дуйно Қирғизстан” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, маҳкама бошланиши даставвал 16 июлга белгиланган, кейинроқ эса номаълум сабабларга кўра 30 июлга кўчирилган. Суд Асқаровга нисбатан чиқарилган ҳукм 2019 йил 1 январидан кучга кирган янги Жиноят кодекси ва бошқа ҳужжатларга нақадар мувофиқ келишига оид қарор чиқариши лозим. Айни сабаб билан Қирғизистонда яна тақрибан 8,5 минг маҳкумнинг иши қайта кўрилади.
Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йил 15 сентябрида Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб, умрбод қамоққа ҳукм қилинган. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига урғу бериб келадилар.
Amnesty International, Фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Хьюман Райтс Вотч, Front Line Defenders, Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ва Норвегия Хельсинки қўмитаси каби саккизта нуфузли ташкилот шу йилнинг 1 июль куни эълон қилган сўнгги баёнотида 68 ёшли Азимжон Асқаров ноқонуний, адолатсиз ва нохолис судлов ортидан 9 йилдан бери қамоқда ўтиргани алоҳида таъкидланган.