Ўзбекистонлик Ғафур Раҳимов Халқаро бокс уюшмаси (AIBA) президенти лавозимидан узил-кесил кетди. Ташкилот матбуот хизмати 15 июль куни Ғ. Раҳимовнинг истеъфо мактубини эълон қилди.
Мактубда Раҳимов сўнгги пайтларда, ўз таъбирига кўра, “уйдирма айбловлар” туфайли турли маҳкамаларда иштирок этишга мажбур бўлаётгани, бу маҳкамаларда шахсан иштирок этиб, номини оқлаш учун лавозимдан кетаётганини урғулаган.
Ғ. Раҳимов AIBA президенти лавозимига 2018 йилнинг 2 ноябрида сайланган.
Унинг АҚШ томонидан "уюшган жиноят олами етакчиларидан бири" сифатида кўрилиши халқаро жамоатчиликда саволлар пайдо қилган. Шу йил март ойида Раҳимов вақтинча президентлик ваколатларини топширишини эълон қилганди. Бироқ, AIBA низомига мувофиқ, у бир йил мобайнида ўз лавозимига сайловсиз қайтиш имкониятига эга бўлган. Шу йил 27 июнида ташкилот ижроия қўмитаси бу моддани низомдан олиб ташлашга қарор қилган. Шу тариқа Ғ. Раҳимов президентликка қайтиш имконидан маҳрум бўлганди.
Халқаро бокс уюшмасининг бу қарорига Халқаро олимпия қўмитасининг 26 июнь куни Лозаннада бўлиб ўтган 134-сессиясида AIBAни 2020 йилги Токио ўйинларидан четлатиш ҳақида қарор қабул қилгани сабаб бўлгани айтилган.