Абитуриент-2019: Ҳужжат қабул қилиш тугади

Олийгоҳларга ҳужжат қабул қилиш муддати узайтирилмади- қабул жараёни 15 июль куни ёпилди. Жойлардан олинган маълумотга кўра, олийгоҳлардаши қабул бўлимлари душанба куни соат 24:00гача очиқ турган. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдухакимовнинг Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилишича, мамлакат бўйича жами 60та олийгоҳ ва уларнинг 30та филиалига кириш учун 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилган. Ўтган йилга нисбатан 251 минг 973 нафар ёки 30,91 фоиз кўп ҳужжат топширилган. Танлов кўрсаткичи – ўртача бир ўринга 10,28тани ташкил этди (8,3 та).

  • Энг кўп ҳужжат топширилган олийгоҳлар:
  1. Самарқанд давлат университети – 74 минг 377 нафар;
  2. Андижон давлат университети – 45 минг 977 нафар;
  3. Қарши давлат университети – 44 минг 676 нафар;
  4. Фарғона давлат университети – 42 минг 118 нафар;
  5. Урганч давлат университети – 39 минг 405 нафар;

Тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали ўқишга қабул қилинадиган таълим йўналишларига абитуриентлардан 86 минг 748та ариза қабул қилинди.

Жорий йилги қабул жараёни ўтган йилларга нисбатан тартибсиз кўринишда ўтгани борасидаги шикоятлар бўлди. Деярли барча олийгоҳлардаги қабул ур-йиқит, тўполонлар, турнақатор навбатлар билан ўтгани ҳақида Озодликка ўнлаб хабарлар келди. Бу ҳолатлар акс етган видео ва фото тасвирлар "Абитуриент кундалиги" жонли блоги орқали эълон қилинди.