Бухорода сўнгги абитуриент туғруқхонадан келиб ҳужжат топширди 

Иллюстратив сурат

Бухоро давлат университетидаги энг сўнгги абитуриент – бир кун олдин янги чақалоқ туққан Гулбаҳор Атоева бўлди. «Дарё» нашри хабарига кўра, ғиждувонлик 36 яшар Гулбаҳор Атоева 14 июль куни тунда ўғил фарзандни дунёга келтирган. Орадан бир кун ўтиб, у туғруқхонадан Бухоро университетига келиб, ҳужжат топширган ва яна туғруқхонага қайтиб кетган. Гулбаҳор 15 июль куни соат 23:58да олийгоҳга ҳужжат топширган ва энг охирги абитуриент бўлиб рўйхатга олинган. Атоева Бухоро Давлат университети, Навоий Давлат педагогика институти ҳамда Самарқанд Давлат университетининг Бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш йўналишларига ҳужжат топширган.

  • Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда ёшга доир чекловлар олиб ташланган.
  • ДТМ маълумотига кўра, жорий йилда Ўзбекистонда абитуриентларнинг энг ёши 14, энг каттаси 87 ёшда бўлган.
  • Мамлакат бўйича жами 60та олийгоҳ ва уларнинг 30та филиалига кириш учун 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилган.
  • Ўтган йилга нисбатан 251 минг 973 нафар ёки 30,91 фоиз кўп ҳужжат топширилган.

Жорий йилги қабул жараёни ўтган йилларга нисбатан тартибсиз кўринишда ўтгани борасидаги кўплаб шикоятлар бўлди. Деярли барча олийгоҳлардаги қабул ур-йиқит, тўполонлар, турнақатор навбатлар билан ўтгани ҳақида Озодликка ўнлаб хабарлар келди. Бу ҳолатлар акс етган видео ва фото тасвирларни "Абитуриент кундалиги" жонли блоги орқали томоша қилишингиз мумкин.