Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида халқаро автомобиль йўли очилди

“Бейнеу – Акжигит – Ўзбекистон чегараси” автомагистралини қайта таъмирлашга Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари 2017 йилнинг 23 мартида Ш. Мирзиёевнинг Остона (ҳозирги Нур-Султон) шаҳрига ташрифи чоғида қарор бергандилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Бош вазирлари Абдулла Арипов ва Асқар Мамин 17 июль куни “Бейнеу – Акжигит – Ўзбекистон чегараси” халқаро автомагистралини очишди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазирининг Instagram тармоғидаги расмий саҳифасида маълум қилинган.

ЎзАнинг хабар қилишича, автомобиль йўлининг узунлиги 84 километрни ташкил этади. Мазкур йўлни реконструкция қилиш ва уни Қорақалпоғистон Республикасининг Устюрт платоси орқали ўтувчи халқаро автомобиль йўл билан туташтириш учун 108 миллион доллар маблағ йўналтирилган.

“Бейнеу – Акжигит – Ўзбекистон чегараси” автомагистрали икки мамлакат иқтисодиёти юксалиши ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ортишига хизмат қилиши урғуланган.