16 июл куни Ўзбекистоннинг Экология партияси Экология ва табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қўллаб-қувватлаши остида Нефрит кўллари ва унинг атрофидаги ҳудудлар аҳволини баҳолаш учун Ўринғочга экспертлар гуруҳини йўллади.
Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўз расмий сайтида хабар қилди.
Қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Тоҳир Солиевнинг хабар беришича, ҳозирда Экология партияси томонидан Нефрит кўллари ва унинг атрофидаги ҳудудлар ҳимояси, шунингдек бу ҳудудларни Ўзбекистоннинг очиқ осмон остидаги музей сифатида эътироф этишга йўналтирилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни Вазирлар Маҳкамасига киритишга доир ишлар олиб борилмоқда.
"Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Нефрит кўлларини ифлосланишдан ҳимоялаш ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш имконини беради", дейилган хабарда.
Ўринғоч кўли бўйида қонунга хилоф равишда айвонлар қурилиб, чойхона ва қайиқда сайр қилиш хизматлари йўлга қўйилгани, кўл атрофи шу кунда ароқдан бўшаган шишалару озиқ-овқат қолдиқлари, чиқиндиларга тўлиб тошгани ҳақида Озодлик 12 июль куни мақола эълон қилганди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси Бурчимулла давлат ўрмон хўжалигига мансуб Ўринғоч сой кичик кўли атрофида қонунга зид равишда ўрнатилган чорпоялар олиб ташлангани тўғрисида ўзининг Facebook’даги саҳифасида хабар қилган.