Ўзбекистон Суриядаги ватандошларни қайтариш учун иккинчи амалиётга ҳозирлик кўрмоқда

Суриядан қайтган аёллар ва болалар, Тошкент, 2019 йилнинг 30 майи.

Ўзбекистон Сурияда қолган 177 нафар ватандошини қайтариш учун иккинчи операцияга тайёргарлик кўраяпти. Бу ҳақда Уруш ва тинчликни ёритиш институти лойиҳаси бўлмиш Cabar.asia нашри Ўзбекистон махсус хизматларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар тарқатди.

“Улар ҳозир Суриянинг Ал-Хасака вилоятидаги “Ал-Хол” лагерида. Уларнинг шахслари аниқланган”, дея маълум қилган ДХХ вакиллари Сурияда қолаётганларнинг 48 нафар аёл, қолганлари эса болалар эканини қўшимча қилган.

Аввалроқ Озодлик шу йил 30 майида ўзбекистонлик 156 аёл ва бола "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида махсус авиарейс билан Тошкентга олиб келингани ҳақида хабар қилган эди. ​

Маълумотларга кўра, мазкур амалиётни ўтказишда бир қатор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан Қизил Хоч қўмитаси ва ЮНИСЕФ кўмаклашган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилишича, фуқароларни Суриядан қайтариш бўйича топшириқни шахсан Шавкат Мирзиёев берган. Кейинроқ Мирзиёев ушбу жараён қийин кечганини эътироф этган.

“Суриядан фуқароларимизни катта қийинчилик билан олиб келдик. У ерга учган биринчи самолётимизни уриб тушириш билан таҳдид қилишди. Менга қўнғироқ бўлди, уриб туширишмоқчи деб. Мен энг яқин аэропортга қўниш ҳақида топшириқ бердим. Улар Озарбайжонга қўниб, кейин ортга қайтишди. Жангарилар лагерига 5 та автобусимиз кириб, 2 таси қайтиб чиқди. Қолган фуқароларимизни бермади”, деганди президент Мирзиёев Сенатнинг 20-ялпи мажлисида.

Президентга кўра, ўзбекистонликларнинг ҳарбий ҳаракатлар зонасига кетишига мамлакатда шарт-шароит етишмаслиги сабаб бўлган. Президент ушбу сабабларни бартараф қилиш кераклиги ҳақида гапирган.

Маълумотларга кўра, Суриядан май ойида қайтганларнинг айримлари терговга тортилган, қолганлари эса реабилитациядан ўтмоқда.