Бош прокурор буйруғи билан адлия катта маслаҳатчиси Сайдулла Элмурадов Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 2018 йил 24 июль куни бу лавозимга Улуғбек Анваров тайинланган эди. Ҳозирча Анваров тақдирига оид расмий маълумот берилмади.
Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан бери мазкур бошқарманинг собиқ раҳбарларидан камида тўрттаси коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби айблар билан қамоққа олинди.
Прокуратура тизимидаги энг коррупциялашган бошқарма саналадиган Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси собиқ раҳбарлари Жамшид Файзиев¸ Улуғбек Суннатов¸ Рамазон Пўлатов¸ Улуғбек Хуррамов собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров иши доирасида судланди.
Ўтмишда мазкур бошқармадаги раҳбарлик лавозимида ишлаган Улуғбек Суннатов 26 июнь кунги суд ҳукми билан 19 йилга, Улуғбек Хуррамов 14 йилга, Жамшид Файзиев 13 йилга, Азиз Мусашайхов 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Айни пайтда¸ Ўзбекистон янги Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев буйруғи билан Дилшод Файзиев Бухоро вилояти прокурори лавозимига тайинланди. Вилоятнинг аввалги прокурори Баҳриддин Валиев жорий ҳафта Тошкент шаҳар прокурори этиб тайинланган эди.
Шунингдек¸ Ниғматилла Йўлдошев Бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаган Акмалхўжа Мавлоновни Наманган вилоятининг янги прокурори этиб тайинлади.
Отабек Муродов Бош прокурорликдан олиниши билан бу вилоят прокурори Рашид Раҳматов ишдан олинган эди.