18 июль куни президент Шавкат Мирзиëев “Туризм тўғрисидаги Қонун»ни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Ҳуқуқий ахборот Telegram каналида ëзилишича¸ янги қонун билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Қонунда¸ жисмоний ва юридик шахсларга туризм объектлари тўғрисида маълумот берувчи ҳамда уларни тарғиб қилувчи туристик ахборот марказлари ташкил этилиши айтилган.
«Қонунга мувофиқ, туроператорлик ва турагентлик фаолияти, шунингдек саёҳатлар ташкил этишга доир бошқа фаолият туристик фаолият ҳисобланади. Туроператорлар ва турагентлар фаолияти лицензия асосида амалга оширилади. Лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади»¸ дейилади Адлия вазирлиги хабарида.
Айни пайтда¸ қонун экскурсия хизматлари кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорларга ўз фаолиятини лицензиясиз олиб бориш ҳуқуқини берган.
Гидлар-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар юридик шахсга айланмай туриб¸ аммо Қўмита томонидан бериладиган сертификат асосида хизмат кўрсатиши мумкин.
Қонун расмий матбуотда эълон қилингандан уч ой ўтгандан кейин кучга киради.