19 июль куни президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати томонидан маъмурий жазога тортилди.
Бу ҳақда Умаровнинг ўзи Instagram саҳифасида хабар берди ва жарима тўланганлик ҳақидаги квитанцияни ҳам илова қилди.
Тошкент шаҳар Чилонзор тумани МАБ катта инспектори майор Исмаил Хусейнов томонидан расмийлаштирилган маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорда Отабек Муҳаммадалиевич Умаровнинг Тесла русумидаги транспорт воситасини йўл ҳаракати қоидаларининг 78-банди талабларини бузиб, ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юборганлиги учун жаримага тортилгани ёзилган. Қарорда Умаровнинг мазкур ҳуқуқбузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муфовиқ энг кам иш ҳақининг 9 баравари миқдорида- 1824570 сўм жаримага тортилгани ёзилган.
ИИБ инспектори қарори ва жариманинг тўлангани ҳақидаги тўловнома билан бир қаторда Умаров ўз ҳуқуқбузарлигини кўрсатган журналистларга миннатдорлик билдирган.
"Куни кеча оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда мен билан боғлиқ видеонинг тарқалгани Президентимизнинг очиқлик ва сўз эркинлиги сиёсати амалда эканини кўрсатади, деб ўйлайман.
Журналистлар ва блогерлар ҳақиқатан ҳам реал ҳаётимизда бор муаммоларни кўтариб чиқаётгани қувонарли. Сизлар жамиятда рўй бераётган воқеаларга бефарқ эмаслигингиз, одамларнинг мавқеи ва лавозимидан қатъи назар танқид қилаётганингиз бизни ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга ва тартибга риоя қилишга чақиради.
Бугуноқ барча жарималар тўланди. Қонун барча учун баробар!
Шу фурсатдан фойдаланиб, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг жонкуяр ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман!"
18 июль куни Озодликнинг OzodLive теледастурида президентнинг кенжа куёви, президент Хавфсизлик хизмати раҳбарининг 1-ўринбосари Отабек Умаровнинг Тошкент кўчаларидаги тунги пойгаси акс этган видеолавҳа намойиш этилди.
Умаровнинг ўзи Instagram саҳифасида жонли кўрсатган видеода президент куёви тезликни қонунда белгиланганидан уч баравар баландга - соатига 201 кмга чиқаргани кўрилди.
Эълон қилинишидан кўп ўтмай ўчириб ташланган бу видеони Озодлик сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бир куннинг ўзида юз минглаб одам кўрди.
Лекин маҳаллий ОАВ бу мавзуни тилга олмади ва видеони кўрсатмади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди