Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Виолен де Вильмор бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов билан учрашув чоғида ўз мамлакати Бухоронинг тарихий қисмида жойлашган маданий обидалар бўйича маҳаллий расмийлар режаси юзасидан хавотир изҳор қилди.
Podrobno.uz сайтининг хабар қилишича, гап Ипак йўлининг кўп асрлик тарихида муҳим роль ўйнаган тўрт карвонсарой ҳақида бормоқда.
Элчи хонимга кўра, тўрт карвонсаройнинг энг каттаси бўлган “Аёз”да ресторан очиш бўйича бошланган ишлар Франция томонидан таъмирланган маданий обидага тузатиб бўлмас зарар етказиши мумкин.
Учрашув чоғида алоҳида таъкидланишича, Франциянинг “Карвонсаройлар” нотижорат ассоциацияси томонидан таъмирланган тўрт карвонсаройдан иборат ансамблда даставвал Ўзбекистонда биринчи бўлган Ипак йўли музейи барпо қилиш режаланганди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Франция элчиси Версаль университетининг етакчи мутахассислари иштирокида маданий мерос объектларини таъмирлаш бўйича Ўзбекистон меъморлари учун тренинглар ташкил этишни таклиф қилган. Шунингдек, у Франция маданий-тарихий обидаларни сақлаб қолиш ва таъмирлаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр эканини билдирган.