Тошкент қайта кўрилаётган диний ташкилотларга оид қонунни халқаро экспертлар назаридан ўтказмоқчи

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов.

Ўзбекистонда сўнгги 20 йилда илк бор “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қайта кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистон бу жараёнга халқаро мутахассисларни жалб этишни мақсад қилган. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 16-18 июль кунлари АҚШ пойтахти Вашингтонда бўлиб ўтган Диний эркинликларни илгари суриш бўйича иккинчи вазирлар конференциясида сўзлаган нутқида билдирди.

Ўзбекистон бош дипломатига кўра, яқин вақтда қонун лойиҳаси Халқаро диний эркинлик соҳасидаги алоҳида топшириқлар бўйича элчи Сем Браунбек офиси, АҚШ Ҳелсинки комиссияси, ЙХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва БМТнинг Махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳидга халқаро эксперт баҳосини ўтказиш учун тақдим этилади.

Вазир Комилов ҳозирги кунда Ўзбекистон тизимли тарзда дин билан боғлиқ жиноятларда айбланаётган инсонлар орасида жиноятлашув ва радикаллашувнинг олдини олиш, экстремизм сабаблари ҳақида аввалдан огоҳлантириш бўйича ишлар олиб борилаётгани, бунда “жаҳолатга қарши маърифат” тамойилига таянилаётганини урғулаган.

Комиловга кўра, сўнгги уч йил ичида диний сабаблар билан судланган 20 мингдан ортиқ маҳбус авф этилган ва “қора рўйхат”дан чиқарилган. Вазир жорий йил май ойида президент Ш. Мирзиёев топшириғига биноан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига алдов йўллари билан жалб этилган асосан аёллар ва болалардан иборат 156 нафар ўзбекистонлик Тошкентга махсус самолётда олиб келингани, ҳозирда улар иш билан таъминланаётгани ва реабилитациядан ўтаётганини қўшимча қилган.

Абдулазиз Комилов Ўзбекистонда диний эркинликларни таъминлаш доирасида Тошкент халқаро, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари, хусусан, БМТ, ЙХҲТ, Европа Иттифоқи, АҚШнинг тегишли органларни ва бошқа манфаатдор томонлар билан кенг ҳамкорликни давом эттириши билдирган.

Бу ўзбек делегациясининг АҚШдаги Вазирлар конференциясида иккинчи иштирокидир.

АҚШ Ўзбекистонни узоқ йиллар мобайнида диний тоқатлилик бўйича энг ёмон кўрсаткичга эга мамлакатлар рўйхатига киритиб келган. Аммо ўтган йили Ўзбекистон сўнгги 13 йил ичида илк бор диний эркинликлар ўта чекланган мамлакатлар сирасига киритилмаган.