Western Union тўлов тизими Россиядан хорижга йўлланадиган пул жўнатмалари учун чеклов жорий қилди. Эндиликда бир киши бир мамлакатга ойига 600 минг рублдан (9500 АҚШ долларидан кўпроқ – таҳр.) зиёд пул жўнатолмайди. Бу ҳақда ширкат ўз сайти орқали маълумот тарқатди.
РБК тасарруфига тушган хатдан маълум бўлишича, янги тартиб “пул ювиш” ва террорчиликни молиялаштиришга қарши курашга оид қонунга риоя қилиш доирасида 22 июлдан кучга киради.
Бунгача Western Union орқали хорижга бир операция чоғида 5 минг доллар ўтказиш мумкин эди, бундан буён эса бир кунда 100 минг рублдан кўп (тақрибан 1 585 АҚШ доллари) пул ўтказиш мумкин эмас. Бу каби чекловлар апрель ойида Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва Вьетнам каби мамлакатлар учун киритилганди.
Маълумотларга кўра, Россия Марказий банки шу тариқа яширин операцияларга қарши курашмоқда.
Айни пайтда бу чеклов Россияда ишлаб, ватанига пул жўнатаётган меҳнат муҳожирлари, шу жумладан, ўзбекистонликларга таъсир қилмаслиги айтилмоқда. Чунки улар жўнатаётган пул миқдори одатда Western Union ширкатининг янги чекловидан кўп бўлмайди.