Россия Федерал божхона хизмати Тошкентда ваколатхона очиш жараëнини бошлади

Россия Федерал божхона хизмати (ФБХ) Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очмоқчи. Бу ҳақда ТАСС агентлигига гапирган хизмат расмийсига кўра¸ ваколатхона очиш жараëни 2-3 йил вақт олиши мумкин.

Хабарда айтилишича¸ айни кунларда Россия ФБХ Ўзбекистонда ваколатхона очиш билан боғлиқ ташкилий ишларни бошлаган. ТАСС гаплашган россиялик мулозимга кўра¸ Бу жараëннинг биринчи босқичида Россия божхоначилари вакиллари Ўзбекистонда ваколатхонасиз ишлайди¸ шундан сўнг Ўзбекистон Божхона қўмитаси билан Тошкентда ваколатхона очишга оид тегишли келишув лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Россия божхоначилари учун МДҲ ҳудудидаги асосий ҳамкор экани таъкидланган ТАСС хабарига кўра¸ россияликларнинг Тошкентда муқим ваколатхона очиши "ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди¸ мунтазам тажриба алмашишни кучайтиради".

Россия ФБХси Тошкентда ўз расмий ваколатхонасини очгунга қадар¸ Россия президенти фармони билан бу хизмат ўз икки расмийсини Ўзбекистондаги Россия элчихонасига доимий асосда ишга юборади.

Каримов даврида Ўзбекистон Россия етовидаги Божхоналар иттифоқига ҳам¸ унинг асосида ташкил этилган Евроосиë иқтисодий ҳамжамиятига ҳам қўшилмаган. Бу тузилмага Россиядан ташқари Беларус¸ Қозоғистон¸ Арманистон ва Қирғизистон аъзо.

Таҳлилчиларга кўра¸ Россия президенти Владимир Путин мазкур тузилма воситасида Москванинг собиқ СССР ҳудудидаги таъсирини сақлаб қолиш ва бу ҳамжамият орқали ўзини ЕИ ва НАТОга қарши куч сифатида тақдим этишга уринмоқда.

Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан бери Россия билан сиëсий-иқтисодий муносабатлар яқинлашиб¸ Тошкентнинг бу тузилмага қўшилиш эҳтимолига оид прогнозлар кўпайиб бормоқда.