Хоразмда сентябрь ойида камончилар халқаро фестивали ўтказилади

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг 6-8 сентябрь кунлари Хивада халқаро камондан отиш ва миллий ўйинлар фестивали ўтказилади.

Бу каби анжуман Хоразмда илк бор ўтказилаётгани сабабли уни юқори савияда ташкиллаштиришда Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси тажрибасига таянилаяпти.

Шу муносабат билан ўтган ҳафта Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раҳбари Билол Эрдўғон (Туркия президентининг ўғли) бошчилигидаги делегация Хоразмга ташриф буюрган.

Туркиялик меҳмонлар спорт анжумани ўтказиладиган “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудини кўздан кечирганлар, Кўҳна арк, Паҳлавон Маҳмуд мажмуаси, Қози Калон мадрасаси, Калта минор ёдгорлиги ва бошқа эътиборга молик жойлар билан танишганлар. Сўнгра улар ўзбекистонлик расмийлар билан биргаликда халқаро турнирга бағишланган матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берганлар.

Мутасаддиларга кўра, куз фасли бошида Хоразмда ўтказилажак халқаро спорт тадбирида 1000 дан зиёд иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.