Бадантарбия учун кўчага чиққан Навальнийни полиция ушлаб олиб кетди

Алексей Навальний

Россияда таниқли мухолифатчи Алексей Навальний бадантарбия қилиш учун уйидан чиқиши биланоқ полиция томонидан қўлга олинди.

Бу ҳақда Навальнийнинг ўзи 24 июль куни Instagramда хабар қилди. Мухолифатчи Москва полиция бўлимида олинган қисқа видеони ҳам эълон қилди.

- Баъзан спорт зарар эканлигини айтишади. Бу тўғри. Бироз югуриш ҳамда бугун туғилган кунини нишонлаётган аёлимга гул олиш учун уйдан чиқувдим. Энди эса полиция бўлимида тентакка ўхшаб югуриш кийимида турибман. Юлия, бундай бўлгани учун кечир, - дейди мухолифатчи.

Кремлнинг ашаддий танқидчиси Навальний 11 июль куни Москвада рухсат берилмаган норозилик намойишида қатнашгани учун 10 кунлик қамоқ жазосини ўтаб чиққан эди.

Кейинги йилларда Навальний ўндан ортиқ марта қўлга олинди. У бугунга қадар умумий ҳисобда 200 дан ортиқ кунни панжара ортида ўтказди.