АҚШ Савдо вакили офиси делегатлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари билан мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бу борада эришилган натижалар ва режалаштирилаётган ишлар ҳақида фикр алмашдилар.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 24 июль куни бўлиб ўтган учрашувда Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича АҚШ Савдо вакилининг ёрдамчиси Кристофер Уилсон, унинг ўринбосари Зеба Реязуддин, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Алан Мельцер, АҚШ Савдо вакилининг меҳнат масалалари бўйича директори Майкл О’Донован, АҚШ Меҳнат вазирлигининг халқаро алоқалар бўйича мутахассиси Эмма Лори ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев бошчилигидаги вазирлик масъуллари иштирок этганлар.
Учрашувда мажбурий меҳнатга қарши курашиш чора-тадбирларини янада кучайтириш мақсадида меҳнат ҳуқуқ инспекторлари сонини икки баробарга ошириш, ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари ва уларга қарши кўриладиган чора-тадбирлар ишининг шаффофлигини таъминлаш учун тегишли халқаро ташкилотларга вазирликнинг мурожаатлар базасига тўғридан-тўғри кириш имкониятини бериш, вазирликнинг фуқаролик жамияти билан очиқлик тамойили асосида иш олиб бориши алоҳида таъкидлаб ўтилган.