АҚШ президенти Дональд Трамп Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди, дея маълум қилади Оқ уй матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, Трамп Зеленскийга қўнғироқ қилиб, уни парламент сайловини муваффақиятли ўтказиб олгани ва сайловда “Халқ хизматкори” партиясининг ғалаба қозонгани билан қутлаган.
Зеленский АҚШ Россияга қарши санкция босими сақланиши ва кучайишида лидерлик қилаётгани учун Трампга миннатдорчилик билдирган. Украина президенти матбуот хизматига кўра, бунга жавобан Трамп Украинанинг янгиланган ҳокимияти мамлакат имижини тез орада яхшилаши ҳамда икки мамлакат тиғиз ҳамкорлигига тўғаноқ бўлаётган коррупцион ишлар терговини якунлашига ишонч билдирган.
Шундан сўнг лидерлар икки мамлакат ўртасидаги энергетик ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганлар.
Қайд этилишича, ҳар иккала президент юзма-юз учрашишни сабрсизлик билан кутаётганларини билдирганлар.
Аввалроқ Зеленский Трампнинг таклифига кўра Вашингтонга сафар қилиши хабар қилинган, бироқ ташрифнинг аниқ санаси очиқланган эмас.