Россия чегарасини кесиб ўтаётган шахс багаж ва қўл юки сифатида 5 кг дан ортиқ бўлмаган мева-сабзавот, ҳар бирида энг кўпи 15 дона гул ва ўсимликларнинг бошқа қисмлари бўлган учтадан кўп бўлмаган гулдаста олиб ўтиши мумкин.
Бу миқдордан кўпроқ товар олиб кириш учун тегишли фитосанитария сертификатлари талаб қилинади. Акс ҳолда 2 кун ичида маҳсулотлар қайтариб юборилади ёки эгаси ҳисобидан йўқ қилинади.
Россия бош вазирининг 17 июлда қабул қилинган қарорига мувофиқ Россия давлат чегараси ўтиш пунктларида давлат карантин фитосанитария назоратини амалга ошириш тартибига киритилган бу ўзгартишлар тўғрисида Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Россияга кетаётган Ўзбекистон фуқароларига янги қоидалар самолёт, поезд ва автомобиль йўловчиларига ҳам тааллуқли эканлигини ҳисобга олишларини сўраган. Мазкур чекловлар транспорт тизимлари ходимларига ва почта жўнатмаларига ҳам тегишли.