Яккабоғ туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўз расмий сайтида хабар қилди.
Агентликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида рўй берган ҳолат юзасидан яна қуйидагиларни маълум қилган:
"Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйини ноқонуний равишда бузишга бўлган хатти-ҳаракати ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш хулосаларига кўра, туман ҳокими Донаев Шоҳмурод Холбоевич ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди", дейилган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги расмий сайти хабарида.
- 20 июль куни Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманидаги тадбиркор кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга келган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик хабар қилган эди.