Яккабоғ ҳокими ўринбосарига ўт қўйган тадбиркор Тошкентда ҳибсда сақланмоқда

Яккабоғ туман ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев

Яккабоғ туманида кредит олиб қурган дўконини бузишга уринган туман ҳокими ўринбосарига ўт қўйиб юборган тадбиркор Баҳриддин Исомов Тошкентда ҳибсда сақланаётгани хабар қилинди.

Бу ҳақда тадбиркорнинг ўғли билан суҳбатлашган Gazeta.uz нашри ёзди.

20 июль куни Қашқадарë вилояти Яккабоғ туманида тадбиркор ўзи кредитга қурган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга борган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб, ëқиб юборгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, ўша куни тадбиркор ва унинг ўғли Муҳаммадрўзи Даминовлар ИИВ ходимлари томонидан олиб кетилган. 50 соатдан сўнг ўғли қайтарилган, аммо тадбиркорнинг ўзи ушлаб қолинган.

Яна бир ўғли Шарофиддин Даминовнинг айтишича, оиласи тадбиркорни сўнгги бор 22 июль куни кўрган.

"Унинг қаерда сақланаётганини билмаймиз. Бизга Чироқчида, дейишди. У ердан эса Қаршида, деб жавоб олдик. Қаршидагилар Тошкентга олиб кетилганини айтишди. Биз уни охирги марта ҳибсда сақлаш ҳақида суд қарори чиққан куни кўрганмиз. Бу 22 июль эди", дея иқтибос келтиради нашр тадбиркорнинг ўғлидан.

Ўғлининг айтишича, Қашқадарё вилоят ҳокими тадбиркорнинг оиласи билан шахсан учрашган ва дўкон бузилмаслиги, етказилган зарар учун суд орқали товон пули ундириб берилишини ваъда қилган.

27 июль куни ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани учун Яккабоғ туман ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

Президент девони ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг хабар қилишича, ҳодиса ортидан ​"туман ҳокими Донаев Шоҳмурод Холбоевич ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган".