"Коррупцияга қарши кураш" жамғармаси раҳбари Алексей Навалний маъмурий жазосини ўтаётган ҳибсхонадан шошилинч тарзда касалхонага ўтказилди.
Жамғарма матбуот котиби Кира Ярмишга кўра, Навалнийга "ўткир аллергик реакция" ташхиси қўйилган. "Унинг юзлари шишиб, териси қизариб кетган", деб маълум қилди матбуот котиби.
Айни пайтда, аллергия сабаблари номаълум. Ярмишга кўра, Навалний умри давомида ўз организмида бирор нарсага қарши кучли аллергик реакцияни сезмаган.
Навалний билан бир ҳибсхонада ўтирган Леонид Волков ҳам озод этилган пайтида танасида қизариш аломати ва тошмаларни кузатганини айтаркан, ҳибсхонада санитария-гигиена талабларига риоя этилиш даражасини текшириш зарур, деб ҳисоблашини билдирди.
Навалний ва унинг сафдоши ўтган ҳафтада ўз тарафдорларини намойишга чақиргани учун 30 суткага ҳибс қилинган эди.
27 июль куни фаол чақириғи билан намойишга чиққан 1 минг 300 дан ортиқ одам қўлга олинди.