Сеул халқаро аэропортида учиш ҳудудидан вентиляция туйнуги орқали қочмоқчи бўлган ўзбекистонлик, қозоғистонлик ва россиялик сайёҳлар ушланди.
RG.RU нашрининг Сеул аэропорти иммиграция хизмати бўлими маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, 26 ёшли ўзбекистонлик, 25 ёшли қозоғистонлик ва 34 ёшли россиялик Жанубий Корея ҳудудига кирмоқчи бўлган, бироқ уларни мамлакатга қўймаганлар.
Кореялик мутасаддилар иддаосича, улар сайёҳ сифатида мамлакатга кириб, ноқонуний ишлаб юрмоқчи бўлишган. Натижада уларни ватанига қайтариб юборишга қарор қилиниб, аэропортнинг депортация қилинувчилар учун мўлжалланган махсус хонасига йўлланган. Битта хонада йиғилган учовлон ўша ерда танишиб, шаҳарга “эшикдан эмас, тешикдан” киришга аҳдлашишган.
Улар ҳожатхона шифтидаги вентиляция туйнуги ва техник йўллар орқали аэропортнинг бошқа биноси томон кета бошлаганлар. Сайёҳлар қочганидан хабар топган қўриқчилар уларни қидиришга тушган ва уччаласини ҳам ушлаган.