Яккабоғлик тадбиркор Баҳриддин Исомов суд-психиатрия экспертизасидан ўтказилмоқда

Яккабоғ ҳокими муовинига (бульдозерда) мулкини бузмоқчи бўлгани учун тадбиркор Бахриддин Исамов ўт қўйиб юборган эди.

Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаевнинг ҳаётига суиқасд қилганлигида айбланувчи тадбиркор Баҳриддин Исомов айни пайтда Тошкентда суд-психиатрия экспертизасидан ўтмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб. gazeta.uz хабар қилди.

Яккабоғ тумани прокуратураси юқорида қайд қилинган ҳолат юзасидан 20 июль куни Баҳриддин Исомовга нисбатан Жиноят кодексининг 25- ва 97-моддаси 1-қисми билан жиноят ишини қўзғатган.

"Исамовнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланиб, ҳимоячиси Ш. Гайиров иштирокида гумон қилинувчи тариқасида сўроқ қилинган. 21 июль куни Исомов Жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибда ушланиб, бу ҳақида яқин қариндошларига маълум қилинган ва қариндошлари томонидан олиб келинган кийим кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган", дейилган хабарда.

Айтилишича, 22 июль куни Исомовга айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўланилган. Айбланувчи қариндошлари томонидан таклиф қилинган ҳимоячиси Х. Жабборов билан ҳоли учрашига шароит яратиб берилган.

Исамовга нисбатан суд-психиатрия экспертизаси тайинланиб, Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судининг 22 июлдаги ажрими билан стационар тартибда суд-психиатрия экспертизаси ўказиш учун Тошкентга юборилган. Шу куни у турмуш ўртоғи Нодира Ҳайдарова ва ўғли Шарофиддин Даминов билан учрашув ташкил қилиб берилган.