Жанубий Кореянинг Чунгнам провинциясида ўзбекистонлик аёл жасади топилди

Сеул шаҳри.

26 июль куни Жанубий Кореянинг Чунгнам провинциясида Ўзбекистон ватандоши Н.Ю.нинг жасади топилди, деб хабар қилди Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги. Вазирлик 29 июль кунги хабарида марҳумнинг шахсига оид бошқа маълумотларни очиқламаган.

Ўзбекистоннинг Сеул шаҳридаги элчихонаси консуллик бўлими маълумотига таянилган хабарга кўра, Корея Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноят иши очилган, полиция тергов тарбирларини амалга оширмоқда.

"Элчихона вазиятни назоратга олган ва ҳозирда марҳуманинг қариндошлари билан биргаликда Ўзбекистон ватандошининг жасадини ватанга жўнатиш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалалар ҳал қилинмоқда", дейилган хабарда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этган ҳамда Корея Республикаси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон ватандошларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Сеул шаҳридаги элчихонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатган: +82-02-574-65-54, +82-02-577-36-60.