Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси иш бошлайди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Сенат ахборот хизматининг маълум қилишича, қўмита “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш бўйича фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ равишда тузилган.

Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашга ва хотин-қизларнинг давлат ва жамият ишларида фаол иштирок этишига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишга доир тавсиялар ишлаб чиқиш, гендер тенглик масалалари ва оила институтини ривожлантиришга оид қонунларни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқиш ва тегишли хулосалар бериш каби муҳим йўналишлар янги ташкил этилган қўмитанинг асосий вазифалари қаторида саналмоқда.

Қўмита зиммасига аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, гендер тенглик масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қўшилган ҳалқаро ҳужжатлар нормаларининг амалиётга жорий этилиши ҳамда унда белгиланган тавсиялар ижро қилиниши юзасидан мониторинг олиб бориш вазифаси ҳам юклатилган.

Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасини тузиш таклифини Сенатнинг 20-ялпи мажлисида Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев киритган. Мазкур мажлисда Ўзбекистон тарихида илк бор аёл киши – Танзила Норбоева Сенат раиси этиб тасдиқланган. Бунгача у Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ишлаб келган.