Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовга 2000 йил январида ўтган сайловда муқобил рақиб бўлган Абдулҳафиз Жалолов 72 ёшида вафот этди.
Дарё нашрининг хабар қилишича, фалсафа фанлари доктори А.Жалолов 29 июль куни Намангандаги ўзи туғилиб-ўсган Бирлашган қишлоғида дафн этилган.
И.Каримовга оппонент бўлган пайтда А.Жалолов Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши биринчи котиби эди. Ўшанда у сайлов участкасидан чиқиб, халқаро журналистлар қаршисида: “Мен Каримовга овоз бердим”, дегани билан машҳур бўлган. Бу “садоқат”ига қарамай, А. Жалолов сайловдан бир йил ўтгач, Фалсафа ва ҳуқуқ институти директори лавозимидан, 2003 йили эса ХДП раиси лавозимидан айрилган.
2000 йил 9 январда ўтган сайлов натижаларига кўра, Конституцияга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, И.Каримов яна бир бор 7 йил муддатга Ўзбекистон президенти этиб сайланганди.