Буюк Британиянинг Халқаро сўз ва ахборот эркинлигини қўллаб-қувватловчи “ARTICLE 19” ташкилоти экспертлари “Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳуқуқий жиҳатдан таҳлил қилиб чиқдилар.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизматининг маълум қилишича, британиялик экспертлар ўз ҳисоботларида Ўзбекистондаги сўз эркинлигининг халқаро стандартларига мувофиқлигини таҳлил қилиб, тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиққанлар.
Экспертларга кўра, “Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида қатор масалалар юзасидан аниқлик киритилиши мақсадга мувофиқдир. Жумладан,
– Ўзбекистон сўз эркинлиги билан боғлиқ қонунчиликни тўлиқ баҳолаши ва қонунларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос келишини таъминлаши керак;
– Қонунда “Журналист” тушунчаси қайта кўриб чиқилиши керак. Журналистика янада функционал таъриф билан алмаштирилиши ва алоқа воситаси орқали жамоатчиликка ахборот йиғиш ва тарқатиш билан мунтазам ёки профессионал тарзда шуғулланган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахсга қўлланилиши керак;
– Қонунга, ҳар бир инсонга (журналистлар ва журналист бўлмаганлар) ахборотни излаш ва фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида ўзгартириш киритилиши керак. Ахборотдан фойдаланишнинг хар қандай чекловлари халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши керак. Ўзбекистон ахборот фойдаланиш эркинлиги хақида кенг қамровли қонунни қабул қилиши керак;
– Ўзбекистонда адлия тизими тўлиқ мустақил ва мамлакатдаги барча инсон ҳуқуқларини етарлича ҳимоя қилиши керак. Улар барча қонунларни сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мослигини таъминлай олиши керак. Бундай қоидалар ички қонунчиликнинг бир қисми бўлиши керак. Ҳисоботда шу каби кўплаб таклифлар тақдим этилган.
Бундан ташқари, “ARTICLE 19” ташкилоти Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни бекор қилиниши ёки тубдан қайта кўриб чиқилиши лозим, деб ҳисоблайди.
Халқаро ташкилот экспертларининг фикрича, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунда ОАВларнинг асосий вазифаси — янгиликларни эълон қилиш ва ҳукумат устидан жамоатчилик назорати сифатида ҳаракат қилиш эканлигини аниқ кўрсатилиши керак. Давлат, унинг органлари сўз эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилишда доимо кам чекловчи воситалардан фойдаланишларини талаб қилишлари керак.