Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 30 июлдаги «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида"ги қарорига биноан 15 августдан Аи-91 бензини нархи биржа савдолари орқали белгиланади, деб хабар қилди gazeta.uz.
«Аи-91 бензинини сотаётган ёнилғи қуйиш шохобчалари эндиликда уни биржа савдоларидан сотиб олади ва ўз харажатларидан келиб чиққан ҳолда нархларни мустақил равишда белгилайдилар. Авваллари бензин тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ҳукумат белгилаган нархларда сотиб олинган», деган «Ўзбекнефтгаз» компанияси вакили gazeta.uzга.
Ҳозирда Аи-91 нинг бир литри 4500 сўм.
15 августдан юқорида тилга олинган қарорга кўра, Аи-80 бензини 4500 сўмдан (акциз солиғи билан, ҳозирда — 4000 сўм), дизель ёнилғиси — 5400 сўмдан (4800), ЭКО дизель ёнилғиси — 5700 сўмдан (4900) сотилади.
Айни вақтда Аи-91 бензини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 3793,5 сўмдан (бир литри учун) сотилмоқда.
«Нархлар савдо биржаларида бозор конъюктураси, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда эркин ўрнатилади. Авваллари 4500 сўмдан 285 сўм истеъмол солиғи (ҳозирги акциз солиғи), ундан яна 10 фоиз олинар эди. Шундай тушунча бор: „АЁҚШ чегирмаси“ — автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига хизмат кўрсатишга бериладиган сумма. Яъни, „Ўзнефтмаҳсулот“ истеъмол солиғи олингани учун 10 фоизлик чегирма беради. Якунда қиймат 3793,5 сўмни ташкил этади», — деган компания мулозими.
«Ўзбекнефтгаз» фикрича, эркин нарх АЁҚШлар ўртасидаги рақобатни рағбатлантиради. Аи-95 ва Аи-98 бензинлари эса аввалгидек бозор нархида сотилади.
Республика товар-хом ашё биржаси маълумотларига кўра, 22−26 июль кунлари Аи-91 автобензини нархи бир тонна (1293 литр) учун 7,1 млн сўм ёки тахминан бир литри учун 5492 сўмни ташкил этган. Ўтган ҳафта давомида биржада бензин котировкаси 20,7 фоизга ўсган.
Ўзбекистонда автобензин (Аи-80, Аи-91, Аи-92 ва Аи-95) ва дизель ёнилғиси Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилади.
Ўзбекистонда 15 августдан табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, электр энергияси, иссиқлиқ таъминоти, ичимлик суви, шунингдек жамоат транспортида йўл ҳақи тарифлари оширилади.