Икки кунда 5000 абитуриент имтиҳонда иштирок этмади

Ёш чекловининг олингани абитуриентлар сонининг ошишига сабаб бўлди. Бу йил 1 миллиондан зиёд абитуриент имтиҳон топширмоқда ва бу ўтган йилга нисбатан қарйиб 31 фоизга кўпдир. Давлат тест маркази маълумотига кўра, тест синовларининг дастлабки икки кунида 5000дан зиёд абитуриент имтиҳонда иштирок этмади. Улардан 91 нафари тартибни бузгани, жумладан, шпаргалка ёки алоқа воситаларини олиб киргани учун имтиҳондан чиқариб юборилган. 4446 нафар абитуриент имтиҳонга келмагани айтилди. Бироқ нима сабабдан келмагани очиқланмади. Рухсатнома берилмаган 57 минг абитуриентнинг тақдири ҳам ҳануз мавҳум қолмоқда. Қабул пайтидаги камчиликлар сабаб рухсатномасиз қолган бу абитуриентлар имтиҳонга қўйилмаслик хавфи қаршисида қолган.

Айни пайтда имтиҳонлар 2 сменада -эрталаб ва тушдан кейин бўлиб ўтмоқда. Олдингидай олийгоҳларнинг ўзида эмас, махсус ажратилган биноларда ўтказилаётган имтиҳонлар кучайтирилган назорат остида ўтаяпти. Тест пайти имтиҳонлар бўлаётган бинолар яқинидаги кўчалар тўсилиб, машиналар қатнови чеклаб қўйилмоқда.

ИИБ, миллий гвардия ва бошқа орган ходимлари тест синовларига жалб қилинган. Назоратнинг кучлилиги тармоқларда танқидларга сабаб бўлаяпти. Абитуриентлар билан боғлиқ ҳолатлар махсус зоналардаги вазиятларга қиёсланаяпти.

Пойтахтда абитуриентларнинг яқинлари учун махсус шароит яратилгани айтилди. Бироқ вилоятларда ота- оналар куннинг жазирамасида, асфалтда ўтириб, болаларини кутишга мажбур бўлаётгани кузатилди.

Жорий тест пайтидаги шаффофлик имтиҳон хоналарида камераларнинг кўплиги, видео тасвирларнинг монитор орқали намойиш қилинаётгани билан изоҳланди. Шунингдек, тест натижаларининг эълон қилиниш тартиби ҳам шаффофликка мисол тарзида келтирилмоқда. Бу йил абитуриентлар балли онлайн тарзда эълон қилинаяпти.

Бу йил олийгоҳларга қабул коррупциядан ҳоли тарзда ўтиши ваъда қилинди. Имтиҳонлар бошланиши арафасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мамлакат олийгоҳларида коррупция ҳолатлари борлигини тан олди ва мамлакат олийгоҳлари ректорлари пора олмасликка сўз беришди.

Ҳозирча коррупция билан боғлиқ иккита ҳолат матбуотга ошкор бўлди. Бош прокуратура маълумотига кўра, Тошкент Тиббиёт академиясига ўқишга киритиш учун 25 минг долларни олаётган қашқадарёлик шахс қўлга олинган. Андижон давлат университети мудири эса уч абитуриентдан 12 минг доллар олаётганда ушланди.

Жорий йилда тест синовлари кўплаб ўзгаришлар билан ўтмоқда. олийгоҳга ҳужжат топшириш илк бор пуллик бўлди. Фақат мактабни бу йил битирганларга бепул топшириш имкони берилди. Мактабни аввалги йил битирганлар 101минг сўмдан зиёд пул тўлаши лозим бўлди. Абитуриентлар жами 53 миллиард сўмга яқин пул тўлашди. Бу маблағ имтиҳон пайтидаги ғирромликларни аниқлайдиган техникаларни сотиб олишга сарфланиши айтилди.