Amnesty International Азимжон Асқаровга нисбатан судни "адолатсизликнинг тантанаси" деб атади

Азимжон Асқаров суд залида.

Amnesty International халқаро ташкилоти Қирғизистон суди ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирганини “адолатсизликнинг тантанаси” деб таърифлади.

Amnesty International 31 июлдаги баёнотида қирғиз ҳукуматини халқаро ташкилотлар «виждон тутқуни» сифатида тан олган Азимжон Асқаровни зудликда қамоқдан озод этишга чақирди.

30 июль куни Чуй вилоят суди 2010 йилдаги қонли воқеалар ортидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган 68 яшар Азимжон Асқаровни озодликка чиқариш илтимосини қондирмаган эди.

Асқаров иши мамлакат қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ортидан 30 июль куни судда қайта кўриб чиқилган. Азимжон Асқаровнинг ўзи маҳкамада қатнашмаган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йил сентябрида Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб, умрбод қамоққа ҳукм қилинган. У тартибсизликлар уюштириш ҳамда милиция ходимининг ўлимига алоқадорликда айбланган.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига урғу бериб келадилар.

2016 йил апрелида БМТ Қирғизистон Асқаровни озод қилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилган, аммо қирғиз суди ҳукмни ўзгартирмаган.