Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Жаслиқ қамоқхонасида беш мингдан ўн минггача маҳбус ва беш минг нафар диний экстремист сақланаётгани тўғрисидаги маълумотларни рад этди.
“Ўзбекистон24” телеканалида президентнинг Жаслиқ қамоқхонасини ёпиш тўғрисидаги қарорига муносабат билдирган вазир: “Бу муассаса 1100 ўринга мўлжалланган. Айни вақтда бу ерда 395 одам сақланмоқда, улардан 10 фоизи диний экстремизм учун жавобгарликка тортилганлардир”, деб айтди.
Пўлат Бобожонов Жаслиқ қамоқхонасининг тугатилишини Ўзбекистон сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа деб таърифлади. Унга кўра, бу қамоқхона нафақат Ўзбекистон халқи орасида, балки халқаро ҳамжамиятда ҳам “салбий репутацияга” эга бўлган.
Шавкат Мирзиёев 2 август куни Жаслиқ колониясини тугатиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.
Диний эркинликлар бўйича АҚШ Халқаро комиссияси 29 апрель куни эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистонга диний мотивлар билан қамалганларнинг асосий қисми сақланаётган Жаслиқ қамоқхонасини ёпишни тавсия қилганди.
БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистонга 2002 йилдан буён Жаслиқ колониясини ёпишни тавсия этиб келаётганди.