Ўзбекистонда Facebook ва YouTube каби веб-ресурсларни блок қилишга буйруқ берган одамлар бугунги кунда қамоқхонада ўтирибди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов Alter Ego лойиҳаси доирасида видеоблогер Кирилл Альтманга берган интервьюси пайтида маълум қилди.
“Уларнинг фикрича жуда кўп негатив пайдо бўлган. Улар Фэйсбук ва Ютубни ёпиш орқали негатив ахборот оқимини озайтириш мумкин, деган қарорга келишган. Бу масалада жуда жиддий мунозара бўлган. Мен негативга қарши контраргумент ва контрфактлар билан курашиш керак деб айтганман”, деди Алламжанов ўз интервьюсида.
Ўзбекистонда 19 февралдан бошлаб YouTube ва ВКонтакте ижтимоий тармоғи тўсиқларсиз ишлай бошлагани хабар қилинган эди.
Бу уч оммабоп тармоққа кириш Ўзбекистонда 2018 йилнинг сентябрь ойидан бери номаълум сабабларга кўра тўсиб қўйилганди. Шунинг учун ўзбекистонликлар VPN орқали бу тармоқлардан фойдаланишган.
Бундай вазият нега юзага келгани тўғрисида расмий маълумот берилмаган, бироқ расмийлар бу ҳолатни телекоммуникация ускуналарининг янгиланаётгани ва криптографик калитларнинг ўзгартирилаётгани билан изоҳлашга ҳаракат қилганлар.