Самарқанд ҳокимлиги қиммат машина эгаларини фестивал пайтида текин ишлашга мажбурламоқда

Регистон майдонида Шарқ тароналари халқаро қўшиқ фестивалига тайëргарлик

Самарқанд вилоятидаги юридик шахсларга тегишли бўлган “Malibu-2” ва “Captiva“ русумли қимматбаҳо машиналар 23 августдан 30 августгача давом этадиган “Шарқ тароналари” фестивалида текин хизмат учун сафарбар қилинади.

Самарқанд вилоят ҳокимлигида айни тадбирга маъсул бўлган мулозимнинг Озодликка айтишича, қиммат машинаси борлар "ўз қалб амри билан текин" хизмат қилишга иштиëқ билдирган.

"Malibu-2" эгаси бўлган самарқандлик ҳайдовчи бундан норози бўлиб Озодликка шикоят қилди:

- 30 минг доллар турадиган машинам билан бир ҳафта текин хизмат қилиш ëқмаяпти, деди у.

Самарқандлик блогер Мирзо Субҳонов "Ташкилот ва юридик шахсларга тегишли қиммат машиналардан фестивалда текин фойдаланиш" ҳақида вилоят ҳокимининг 22 июль куни имзоланган 07-01/135 рақамли баëнномаси мавжудлигини айтди.

Блогерга кўра, бу баëннома "одамларга тегишли бўлган “Malibu-2” ва “Captiva“ русумли енгил автомобилларни бир ҳафта" мобайнида текин ишлатишни белгилаб берган.

- Фестивал меҳмонларини кутиб олиш учун пул ажратилган, одамлар мажбурий жалб этилмаслиги керак¸ деди блогер.

Юридик шахс ва ташкилотлардан машиналарни текин олишни ташкил қилиш Самарқанд вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси зиммасига юклатилган.

Озодлик тасарруфида Самарқанддаги оилавий корхонага ИИБ тарафидан юборилган хабарнома нусхаси мавжуд.

Самарқанддаги оилавий корхонага ИИБ тарафидан юборилган хабарнома нусхаси

Самарқанд вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқарма бошлиғи Абдунаби Носиров имзо чеккан мактубда "оилага оид “Malibu-2”ни жорий йилнинг 20 август куни эрталаб вилоят ҳокимлиги олдига олиб бориш" буюрилган.

Айни машинанинг “Фестивалдаги текин хизматга” яроқлилиги эса 5 август куни вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспекторлари тарафидан текширилган.

"Маънавият" ниқоби остидаги мажбурий меҳнат

Одамларга тегишли автомобилларни текин ишлатиш сабаби ИИБ ҳужжатида келтирилади.

"Тадбирга ташриф буюрувчи хорижий меҳмонларни кутиб олиш ҳамда кузатиш¸ меҳмонларга намунали хизмат кўрсатиш¸ маданий-тарихий меросимиз билан таништириш мақсадида сизга оид “Malibu-2” автомобили 23 августдан 30 августгача вилоят ҳокимияти автохўжалиги тасарруфига ўтади” дейилади ҳужжатда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 26 февралда "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида тадбир учун республика бюджетидан етарли маблағ ажратилиши айтилган.

Самарқандлик блогер Мирзо Субҳоновнинг айтишича¸ нафақат фестивал балки вилоятдаги барча тадбирларга аҳолига оид машиналар текин жалб қилинади:

- Ҳақиқатан ҳам пул ажратилган, лекин тўланмайди. ГАИ фақат шунақа қилади. Тадбир пайтида автобуслар ва юк автомобилларининг техник паспортини олиб қўйиб ишлатади¸ деди блогер .

Озодлик бундан олдинги фестивалларда тиббиëт ходимлари кўча тозалашга жалб қилингани ҳақида ëзган эди.

Меҳмондўстлик?

Самарқанд вилоят ҳокимлигида айни тадбирга маъсул бўлган мулозимнинг Озодликка айтишича, “қиммат машинаси борларнинг меҳмонларга текин хизмат кўрсатиши самарқандликлар менталитетидаги “меҳмондўстликнинг олий кўринишидир”.

Унинг таъкидлашича, қиммат машинаси борларнинг ўзлари "пулдан воз кечиб", текин хизмат қилмоқчи.

Фавқуллодда ҳолат?

Самарқанд вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг матбуотга гапириш ҳуқуқи йўқлиги боис исмини айтмаган мулозими "давлат фавқуллодда ҳолатларда гражданларнинг автомобилларини олиб туришга" ҳақи борлигини билдирди.

Озодлик мухбирининг "Фестивал - бу фавқуллодда ҳолатми?" деган саволига жавоб бера олмаган ИИБ мулозими "Биз ҳокимият буйруғини бажаряпмиз", дея трубкани қўйиб қўйди.

Фестивал ташкилотчиларидан бири бўлган Ўзбекистон маданият вазирлиги мулозимлари ушбу масала юзасидан Озодликка изоҳ бермади.

Халқаро фестивал

Жорий йилнинг 26-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивали ўтказилади.

Фестивалнинг очилиш маросимида ЮНЕСКО бош директори Одрэ Азуле хоним ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Фестиваль доирасида 27-28 август кунлари “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатининг ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция бўлиб ўтади.

Тадбирда 78 давлатдан хонанда ва созандалар, бадиий жамоа ва ансамбллар, санъат ва мусиқашунослар иштирок этиши кутилмоқда.

"Шарқ тароналари" халқаро фестивали 1997 йилдан буён икки йилда бир ўтказиб келинади.