Самарқанд вилоятида қизамиқ касаллигининг тарқалишига қизамиққа қарши эмланмаган чет эл фуқаролари сабаб бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 август куни расман маълум қилди.
Вазирликнинг билдиришича, жорий йил бошидан бери Самарқанд вилоятида 419 одам қизамиққа чалингани гумон қилинган, аммо улардан фақат 29 нафарида мазкур касаллик мавжудлиги тасдиқланган. Қизамиқнинг олдини олиш мақсадида Самарқандда қўшимча равишда 11 мингдан ортиқ одам эмланган. Қизамиқдан ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.
“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатимизга қизамиқ вируси бошқа мамлакатлардан кириб келгани тўғрисида хулосага эга”, дейилади расмий баёнотда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш ва ўчоқларини тўлиқ бартараф этиш мақсадида қўшимча равишда 100000 доза қизамиқ вакцинаси сотиб олиниб, эмлаш учун жойларга етказилганини ҳам маълум қилди.
“Шунингдек, қизамиқ касаллигини ўз вақтида аниқлаш, тарқалиб кетишининг олдини олиш ва даволаш ҳамда болаларни вакцина профилактикаси билан қамраб олиш мақсадида эпидемиологик назорат кучайтирилди”, дейилади хабарда.
5 август куни Ўзбек матбуотида Самарқандда қизамиқ эпидемияси кузатилаётгани ва 31 одам бу касалликка чалингани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганди.