Repost.uz сайти таниқли журналист Карим Баҳриев билан интервьюни чоп этди. Унда ” Ўзбекистон 1991 йилдан сўнг чорак аср шахсга сиғиниш ва унинг зулмидан азоб чекиб яшади” деган ғоя олға сурилган.
Мазкур мақоладан айрим иқтибосларни Ўзбекистон ичкарисидаги бошқа сайтлар ҳам кўчириб босганлар.
Ўзбекистон парламентининг 1990 йиллардаги собиқ депутати Карим Баҳриев мақоласида Ислом Каримов шахси ва унинг танқидга салбий муносабати ҳақида сўз боради.
Мақолада “мамлакат кейинги чорак аср давомида шахсга сиғиниш ва унинг зулмидан азоб чекиб яшади”, деб таъкидланади.
"Каримовни танқид қилувчилар борлигида у анчайин синчков ишларди, бу унинг ўзи учун ҳам, бутун жамият учун ҳам фойдали эди. У ўзига рақобатчи деб билганларни бирма бир йўқ қилиб борди, натижада яккаҳоким ҳукмдорига айланди. Мен ўйлайманки, аввалданоқ унинг учун ҳамма масалада фақат дуализм мавжуд бўлган: «оқ» ва «қора», «ўзиники» ва «бегона», «дўст» ва «душман». Аслида ўз фарзандини қамоққа тиққан ва акасининг ўғлини руҳий касалликлар шифохонасига жўнатиб юборган одамнинг дўстлари бўлмайди", -деб айтган repost.uz мухбирига Карим Баҳриев.
Таниқли журналист Карим Баҳриев Ўзбекистонда ўзгача фикрловчи фаоллардан биридир. У Ўзбекистондаги авторитар сиёсатни танқид қилиб келган.
Журналист жорий йилнинг июль ойида “Оила даврасида” газетасида чоп этилган мақоласида ҳам демократия мавзусига эътибор қаратган ва : “Тоталитар жамиятда демократик матбуот бўлмайди, худди шунингдек, демократик жамиятда матбуот ибтидоий қолишининг иложи йўқ. Жамият демократлашмасдан туриб, унинг ичидаги матбуот демократлаша олмайди”, деб ёзган эди.