Тошкент вилоят ҳокимлигига бир ой муддатда Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи (УЧДМТБ) Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган майдони 43 га бўлган “Урунғоч” табиий кўли ва унга туташ ҳудудларни ўрнатилган тартибда давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилиниши топширилади.
Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғининг айрим табиий ҳудудлари ва объектларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида айтилган.
Лойиҳа муҳокама учун эълон қилинди.
Белгиланишича, “Урунғоч” давлат гидрологик табиат ёдгорлиги Бурчмулло давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашган, унинг бир қисми бўлиб, мазкур хўжалик томонидан ерлари олиб қўйилмаган ва объектга салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай фаолиятни тақиқлаган ҳолда бошқарилади.
Ўзбекистоннинг энг ноёб табиий масканларидан ҳисобланган Урунғоч кўли бўйида айвонлар қурилиб, чойхона ва қайиқда сайр қилиш хизматлари йўлга қўйилгани атроф-муҳит ҳимоячилари ва экосайёҳлар норозилигига сабаб бўлаётгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик бонг урган эди.