Наманганда 3 август кунги имтиҳонлар пайти ўтказилган рейд давомида абитуриент ўрнига “калла” сифатида кираётган уч талаба ушланди.
Бу ҳақда 7 август куни хабар қилган Kun.uz нашрига кўра, Тошкент ахборот технологиялари университети, Наманган давлат университети ва Наманган муҳандислик технология институтининг талабалари “Калла” ролини бажараётган пайти ушланган.
Маълум бўлишича, 34 ёшли норинлик шахс абитуриентларни "Калла"лар ёрдамида ноқонуний йўллар билан ўқишга киритишини ташкиллаштирган. Ҳозирда у қўлга олиниб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Норинлик шахс абитуриентларни "Калла" ёрдамида 3500 доллар эвазига ўқишга киритишга ваъда берган. "Калла"лар билан эса 800 долларга келишган.
P.S. Бировнинг ўрнига кирадиган “Калла” кимлиги ҳақида: Бирор олий ўқув юртининг домласи - уни “Танка” деб атаймиз. “Танка” ҳар йили тест имтиҳонлари олдидан аълочи талабалардан битта гуруҳ тузади. Бу гуруҳга бошқа институтлардаги аълочи талабалар ҳам жалб қилинади. Ўша гуруҳдаги талаба “Калла” бўлади. Уларга маълум суммада пул таклиф қилинади. Ўзаро келишилади. Июн ойида ўқиш тугагач, “Калла” талаба “Танка”нинг уйида яшайди. “Танка” турар-жой, квартира ва еб-ичиш билан таъминлайди. Агар “Калла” ўз билимига ишонса, “Танка”га шарт ҳам қўйиши мумкин. Нарх ва шароитлар бўйича. “Калла” тест синовларига тайёрланади. Одатда, “Калла” ўқишга ўз кучи билан кирган, аълочи талабалардан иборат бўлади.
“Калла” имтиҳонга тайёрланаётган пайтда “Танка” унга бошқа бировнинг паспортини олиб келиб беради. Бу одам ўша олийгоҳга ҳужжат топшириб, ДТМ варағини олган бўлиши керак. Энг асосийси, бу одам “Калла”га ўхшаб кетадиган бўлиши керак. У ўзи институтга кирмоқчи эмас. Лекин унинг паспорти билан ДТМ қоғози “Калла”нинг тест бўладиган аудиторияга кириши учун зарур.
Озодликда эълон қилинган собиқ «Калла» ҳикоясини қуйида тўлиқ ўқишингиз мумкин:
Мавзуга алоқадор “Калла” абитуриентни ўқишга киритса, 6000 доллар олади