Озодликка абитуриентлардан келган мурожаатлардан бирида яна кимё фани бўйича саволларга эътироз билдирилган:
"Агар ҳозир ёзганларимни ўқиб инобатга олсангиз, бутун Ўзбекистон абитуриентларнинг кўнглидаги дардига оз бўлсада шифо топишга ёрдам берган бўлардингиз. Гапни чўзмай айтиб қўя қолай.
6 август куни Ўзбекистон тиббиёт институтларида имтиҳон бўлиб ўтди.Кимё фанидан тушган тестларни тарифлашга тил ожиз. Худди у тестлар абитуриентлар ўқишга кириб , ўз йўлини топсин деб эмас, йиқилсин деб тузилгандек.
Русча имтиҳон топширганларга , ўзбекча тестларни тушунарсиз , нотўғри ва кўплаб орфографик хатоликлар билан таржима қилишган.
Наҳотки Ўзбекистон бўйича битта тузук таржимон топилмаган бўлса?
Ундан ташқари 30 саволдан 28 таси масала эди ва масалалар ҳам шу даража қийинки, уларни ишлаш учун кимё ўқитувчиси эмас, математика ўқитувчиси бўлиш керак, ҳа, албатта тўғри ўқидингиз ўқитувчи. У саволларни ўқувчилар ишлаши учун камида 5-6 йил тайёргарлик кўриши лозим.
Ҳаммага маълум, имтиҳонларимизда калькулятор ишлатиш мумкин эмас. Энди ўйлаб кўрингда, бизга берилган атиги 3 соат ичида биз фақат битта фан ишлаймизми? Ёки таваккал қилиб кетаверамизми?
Кимё ўз номи билан кимё. Олий математика эмас!
Булардан ташқари тест тузилиш шаблони хато, ҳеч қачон 1 вариантни ичида 28 масала бўлмайди. 15 масала ва 15 назарий бўлиши керак.
Давлат тест маркази директори томонидан айтилган гаплар қаерда қолди? Вариант 15 та масала ва 15 назари бўлади деб ўз оғзи билан айтган. Абитуриентлар бу гапларга ишониб, кечаю кундуз китобни ҳар бир қаторини ёдлаб чиқишди.
Айтай десам гап кўп. Ахборотнома деган китоб бор, ичидаги саволларга ўхшаш саволлар тушади деб роса ваъдаларни беришди.
Уни қанчадан қанча абитуриентлар пул кетқазиб сотиб олдилар. Лекин ҳеч бирига ўхшаш савол тушгани йўқ. Бу гапим билан нима демоқчи бўлганимни тушунган бўлсангиз керак. Биринчидан, аҳмоқ қилишди ва бир тийинга қиммат китобларини сотиб, пул ишлашди.
Таълим системаси бу кетишда кетаверса, ёш, билимга чаноқ, шиддатли ўқувчилар бундай адолатсизликларни кўриб, чет элда таълим олганим минг бора яхши деб четга ўқишга кетиб, ўша ерда қолиб кетишаверади. Албатта тўғрида адолатсизлика чидаб ўтиргандан кўра ўз йўлини топгани маъқул. Ўзбекистон эса шундай ёшларини йўқотиб , билимсизлик қарига ғарқ бўлаверади", дейилади абитуриент мактубида.
Бу тест синовларида кимё фани бўйича тушган саволлар бўйича илк эътироз эмас.
Бошқа бир абитуриент ҳам худди шундай мазмундаги эътирозли мактуб йўллаган эди:
“Бу йил биз Тошкент Тиббиёт академиясига топширдик. Тест синовларидан чиққан абитуриентлар билан суҳбатимизда ҳаммаси химия фанидан қийналишганини айтишди. Аввал ДТМ раҳбари билан бўлган суҳбатда бу йил фақат мактаб программаси бўлишини айтган бўлганига қарамай жудаям қийин саволлар тушган, шу сабабли 3 та фанга берилган 3 соатда улгурмаганлар ҳам бўлган. Шунга қарамай баьзи болаларнинг 186 балл йиғишгани ҳайрон қолдирди. Кейин эса шу тестларни 3000$га тест кунидан бир кун аввал сотишгани маьлум бўлди. Қачон бизнинг давлатда тугаркин шу каби ноҳақликлар? Порахўрликнинг охири бормикин? Билимли болаларимизни четга жўнатиб, ўзимизнинг давлат пора бериб кирганларга колаяптику?!”, дея ёзади исмини очиқламасликни сўраган муштарий.
Кимё фани бўйича саволларнинг қийинлиги борасида Телеграмдаги
Xushnudbek.uz тармоғида ҳам ёзилди: “Кимё фани бўйича саволлар юзасидан жуда кўп эътирозлар келиб тушмоқда. Агар 1-2 киши ёзганда ҳам эътибор бермаса бўларди, лекин эътирозлар сони анчайин кўплиги сабабли, уларда жон бор, деб ҳисоблаш мумкин. Бу бўйича ДТМ мутахассисларига эътирозларни етказдим, ҳозирда бу ҳолатни ўрганишаётган экан, тез орада расмий муносабат кутиб қоламиз”.