Шавкат Мирзиёев Сўўрўнбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 август куни кечқурун Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича: “Мулоқотда Қирғизистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш муҳим экани алоҳида қайд этилди. Қўшни мамлакатдаги вазият амалдаги қонунчилик доирасида тез орада барқарорлашишига умид билдирилди”.

Бундан ташқари президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Мазкур мулоқот Қирғизистонда собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш амалиёти якунланиши арафасида бўлиб ўтди.

8 август куни Сўўрўнбай Жээнбеков Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан ҳам телефон орқали мулоқот ўтказган эди.

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев махсус хизматлар икки кун мобайнида ўтказган махсус амалиёт ортидан 8 август куни кеч соат еттиларда қўлга олинганди.