Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида 9 август куни Евросиё иқтисодий иттифоқи бош вазирлари кенгаши бўлиб ўтади.
Кенгашда иштирок этиш учун 8 августда бу ерга Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Россия бош вазири Дмитрий Медведев, Қозоғистон бош вазири Сергей Мамин ва Беларусь бош вазири Сергей Румас келди.
Дмитрий Медведев 8 август куни Чўлпонотадан туриб Россия матбуотига берган интервьюсида Қирғизистонни навбатдаги инқилобга йўл бермасликка чақирди.
-Биз бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатмоқдамиз. Айтишим мумкинки, менинг нуқтаи назаримча, Қирғизистон 21 асрда инқилоблар учун берилган кредит лимитини ишлатиб бўлди, - деди Медведев.
Кремль етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар бош вазирлари Қирғизистонга келган пайтда бу ерда сиёсий инқироз юзага келган, собиқ президент Алмазбек Атамбаевни махсус хизматларнинг бир неча минг ходими иштирокида қўлга олиш амалиёти ўтказилаётган эди.