Атамбаевнинг қўлга олингани расман тасдиқланди. Қўлга олиш амалиётида 98 одам жароҳатланди

Атамбаевнинг Қўйтош қишлоғидаги тарафдорлари.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги собиқ президент Алмазбек Атамбаев 8 август оқшомида қўлга олинганини расман тасдиқлади.

"Амалиёт чоғида қурбонлар бўлмади. Махсус амалиётга Ички ишлар вазири Кашкар Жунушалиев раҳбарлик қилди. Атамбаев тегишли органларга қонун доирасида тергов амалларини ўтказиш учун топширилди”, дейилади расмий баёнотда.

8 август куни Қўйтош қишлоғида амалга оширилган амалиёт ортидан касалхоналарга турли тан жароҳатлари олган 20 одам мурожаат қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 7-8 август кунлари Қўйтошдаги амалиётда яраланиб, касалхоналарга мурожаат қилганларнинг умумий сони 98 нафардир. Амалиёт пайтида “Альфа” махсус отряди ходими Усўнбек Ниязбеков ҳалок бўлган.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков бу воқеаларга муносабат билдирар экан:

-Бу ҳодисалар юзасидан жиноят ишлари очилди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилади. Кечаги кунгача Атамбаевни терговга гувоҳ сифатида чақираётган эдилар, энди у терговга жиддий жиноятларни содир этишда гумонланаётган шахс сифатида чақиртирилади, - деб айтди.

7 август куни кечқурун Қўйтош қишлоғида собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш амалиёти бошланган эди. Бироқ ўша куни Атамбаевни қўлга олишга муваффақ бўлинмади.

Кучишлатар тузилмалар ва Атамбаев тарафдорлари ўртасида юзага келган тўқнашув оқибатида бир одам ҳалок бўлган, 52 одам жароҳатланганди. Атамбаев тарафдорлари кучишлатар тузилмаларнинг олти нафар ходимини гаровга олган.

8 август куни махсус хизматларнинг бир неча минг ходими иштирокида ўтказилган амалиёт ортидан Атамбаев таслим бўлган эди.

27 июнь куни парламент томонидан дахлсизлик мақомидан маҳрум этилган Алмазбек Атамбаевга нисбатан олтита айблов илгари сурилган. Бош прокуратура улардан бештасини асосли, деб топган. Алмазбек Атамбаевнинг ўзи бу айбловлар сиёсий сабабга эга эканини урғуламоқда.