Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига Ўзбекистонда етиштирилаётган гўштнинг (тирик вазнда) 94,3 фоизи деҳқон (шахсий ) хўжаликларига, 4,8 фоизи фермер хўжаликларига ва 0,9 фоизи қишлоқ хўжалик фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар ҳиссасига тўғри келган.
Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати Ўзбекистон Республикаси Статистика қўмитасига таяниб хабар қилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси гўшт бозорида ҳеч қандай монополия йўқ ва рақобат шаклланган, деб ҳисоблайди.
"Шунингдек, бу ўз навбатида республикамизда гўшт бозорининг талаб ва таклифдан келиб чиқиб барқарор ишлаб чиқаришни таъминлайдиган саноат ишлаб чиқариш улуши жуда камлигини кўрсатади" дейилган қўмита баёнотида.
Айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сон қарори билан Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхати тасдиқланган. Унга кўра, гўшт ушбу рўйхатга киритилмаган ва унинг нархи ишлаб чиқарувчи томонидан мустақил равишда белгиланади.
Қўмита томонидан гўшт бозори ўрганилаётгани, ўрганиш якуни бўйича Қўмита айнан шу соҳада тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар ва чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши билдирилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати бу баёнотини ижтимоий тармоқлардаги гўшт нархи хақида постлар муносабати билан эълон қилганини билдирди.
Куни кеча Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси расмийлари мамлакатда гўшт нархининг юқорилаб бораётганига монополия сабабчи эканини айтган эди.
19 июл куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида қўмита раиси ўринбосари Аброр Акбаров бу ҳақда шундай деди:
"Тўғрисини айтиш керак, гўшт нархининг қимматлиги бу – соҳадаги монополия билан боғлиқ жиҳат. Гўшт бозорларини кўпчилик қассоблар ўз шахсий монополиясига айлантириб олишган, табиийки, нарх-наво ҳам улар томонидан бошқарилади. Бунда ҳатто молиявий пирамиданинг кўринишларини ҳам учратасиз", - деди Акбаров.
Шу кунларда Ўзбекистоннинг айрим бозорларида гўшт нархи 60 минг сўмдан ошиб кетган.